712 та хорижий олийгоҳ дипломи Ўзбекистонда имтиҳонсиз нострификация қилинади

0
315

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 апрелдаги қарорига асосан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга ошириладиган ҳолатлар кенгайтирилди.


Хусусан, халқаро тан олинган ташкилотларнинг рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг дипломлари тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) нострификациялаш амалга оширилиши белгиланди.

Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест марказининг қўшма қарори билан шундай ОТМлар рўйхати тасдиқланди.

Қўшма қарорда учта халқаро ташкилот рейтинглари ҳисобга олиниши белгилаб қўйилди. Булар:

1) QS – Quacquarelli Symonds;

2) ARWU –  The Academic Ranking of World Universities;

3) THE – Times Higher Education.

Учала халқаро ташкилот рейтингининг дастлабки 500 талик рўйхатидан бир-биридан фарқли таълим муассасалари жой олганлиги сабабли, Ўзбекистонда 500 та эмас, 712 та хорижий ОТМларнинг дипломлари махсус синовларсиз нострификацияланадиган бўлди.

Рўйхатдан жами 66 та давлатнинг олий таълим муассасалари жой олган. Энг кўп АҚШдаги олийгоҳлар киритилган – жами 157 та. Кейинги ўринларда Буюк Британия (60 та), Германия (48 та), Хитой (45 та), Италия (35 та), Франция (32 та), Австралия (30 та), Япония (21 та), Канада (21 та), Жанубий Корея (16 та), Испания (16 та) давлатларининг олийгоҳлари ўрин эгаллаган.

Россиянинг 13 та таълим муассасасининг дипломи тўғридан-тўғри нострификацияланиши белгиланди. Булар:

  1. Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети
  2. «Олий иқтисодиёт мактаби» миллий тадқиқот университети
  3. Санкт-Петербург ИТМО университети
  4. Қозон федерал университети
  5. Ломоносов номидаги Москва давлат университети
  6. Москва давлат физика-техника институти (давлат университети)
  7. Москва давлат халқаро муносабатлар институти («МГИМО»)
  8. Миллий ядровий тадқиқотлар университети («МИФИ»)
  9. Новосибирск давлат университети
  10. Санкт-Петербург политехника университети
  11. Санкт-Петербург давлат университети
  12. Томск давлат университети
  13. Томск политехника университети

Шунингдек, Қозоғистоннинг 3 та олийгоҳи ушбу рўйхатга киритилди. Булар:

  1. Ал-Фаробий номидаги қозоқ миллий университети
  2. Сатпаев номидаги қозоқ миллий техника университети
  3. Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети

Ўзбекистонда дипломи имтиҳонсиз нострификация қилинадиган хорижий олий ўқув юртлари рўйхати