“Бинафша” сенмисан, “Бинафша” менми ..?

0
47

Ҳақиқий бадиий асар шаффоф кўзгуга ўхшайди. Унда инсон руҳияти ва ҳаёт манзаралари шундай тасвирланадики, китобхон асар қаҳрамонлари тимсолида ўзини ва атрофидаги кишиларни камчиликларию фазилатлари билан қайта танигандек таъсирланади. Халқимиз ардоғидаги ижодкор Абдусаид Кўчимовнинг “Бинафша” китобини мана шундай таъсир кучига ва тарбиявий аҳамиятга эга бадиий адабиёт намуналаридан бири сифатида эътироф этиш мумкин.


̶   “Бинафша”ни ўқир эканман, бадиий адабиётнинг инсон руҳиятини тадқиқ этиш қудратини яна бир бор ҳис қилдим,  ̶  дейди филология фанлари номзоди Насимхон Раҳмонов.  ̶  Ижодкор асар қаҳрамонларининг ички дунёсини уларнинг ташқи тасвири, хатти-ҳаракатлари ҳамда сўзлари орқали очиб беришга ҳаракат қилган ва бунга эришган. Китоб ниҳоятда халқона услубда ёзилган. Биргина “Тўй” ҳикоясининг ўзида “Бол тотли деб бармоғингни тишлама”, “Мол аччиғи – жон аччиғи”, “Олишда, ҳой-ҳой, беришда вой-вой” сингари ўндан ортиқ мақоллар ишлатилган.

Адабиётшунос олимнинг фикрларини давом эттириб шуни айтишимиз мумкинки, китоб сарлавҳасига чиққан “Бинафша” ҳикоясида ҳам, ундан ўрин олган “Ишқибозлар”, “Телефон жим эди”, “Биз” каби ҳикоялар ва “Пешона” қиссасида ҳам халқ оғзаки ижоди намуналаридан маҳорат билан фойдаланилган. Бу эса халқ дили ва тилига яқин асарлар яратилишига хизмат қилган.

̶  Адабиёт лаҳзани мангуга муҳрлаш санъатидир, ̶  дейди филология фанлари номзоди Қозоқбой Йўлдошев. ̶  Ушбу китобдан ўрин олган ҳикоялар, аслида, ҳаётимизда учрайдиган ва аҳамияти жиҳатидан мангуликка дахлдор ҳодисалар тасвиридир. “Пешона” қиссасида эса қариялар уйидаги ўзига хос ҳаёт тарзи тасвирланган. Уларнинг фожиали тақдири билан танишган ўқувчи умрнинг ҳар бир лаҳзаси нақадар табаррук неъмат эканига иқрор бўлади, оила муқаддаслигини ва фарзанд тарбиясига этиборли бўлиш кераклигини англайди.

Ушбу асар сизнинг китоб жавонингиздан муносиб ўрин эгаллайди деган умиддамиз.

Азизбек Рамазонов