Ижод ва ижодкор

0
92

Санъат турларининг илдизи бир. Рассомликда ҳам, сўз санъатида ҳам, мусиқада ҳам олам тасвирланади. Бу олам сиз ва биз ҳар куни кўриб турган моддий борлиқ эмас, балки ҳар бир ҳаракатида оҳанг, ранг ва мазмун мужассам тирик Оламдир. Мана шу ҳақиқий оламни кўриш, унинг мусиқасини тинглаш, фалсафасини идрок этиш жараёни ижод дейилади.


Ҳақиқий ижодкорда туғма сезим бўлади. У ички ҳиссиёт билан руҳият кўзгусида оламни кўра олади. Атрофимиздаги ҳеч бир ҳодиса ўз-ўзидан содир бўлмаётганини, ҳар бир ҳодисада – япроқлар шитирида ҳам, тонг нурида ҳам, ҳатто дайди мушукнинг миёвлашида ҳам қандайдир мусиқа ва маъно мавжудлигини англайди. Ана шунда ижодкор қалби жунбушга келади. У кўрганларини тасвирлашга ҳаракат қилади. Шоир қўлига қоғоз-у қалам олади, рассом эса мўйқалам тутади. Ижодкор ўз кўрганларини борича тасвирлашга интилади. Бу ўринда маҳорат керак. Маҳорат ўқиб-ўрганиш, тажриба ва вақт орқали ўсиб боради. Аммо ижодкор маҳорати ҳеч қачон оламни борича тасвирлашга етмайди. Шунинг учун ижодкорнинг ўз ижод маҳсулидан ҳеч қачон кўнгли тўлмайди. Чунки оламдаги ранглар шу қадар ёрқин, мусиқа шу қадар тиниқ, мазмун шу қадар улканки, уни мукаммал тасвирлашнинг иложи йўқ. Ҳа, оламнинг ижодкори уни бенуқсон яратган.

Ҳақиқий ижодкор асари шу тарзда дунёга келади. Шунинг учун ҳам, унда руҳ бўлади. Биз бундай асарларни тирик асарлар деймиз. Улар олам каби боқийдир. Уларда ҳақиқат мужассам. Бундай асарларни ўқиганингизда, беихтиёр таъсирланасиз, юрагингиз тез ураётганини, танингиз таърифлаб бўлмас даражада роҳатланаётганини ҳис қиласиз. Чунки сиз Оллоҳ яратган ҳақиқий оламнинг ижодкор ёзган таржимасини ўқидингиз. Санъат асарининг илоҳийлиги ҳам шунда.

Усмон Носир “Юрак” номли шеърида шундай ёзади :

Сенга тор келди бу кўкрак,

Севинчинг тошди қирғоқдан.

Тилим чарчар,ажаб,гоҳи

Сени таржима қилмоқдан.

Ижод жараёнининг гўзал ифодаси бу! Фақат шеърдаги юрак сўзини кенг маънода олиб, қалб ойнаси орқали оламни кўрмоқ деб тушунилса, тўғрироқ бўлади, менимча.

Ижод жараёнидаги яна бир муҳим хусусият ижодкорнинг эркинлигидир. Асар яратаётган ижодкор руҳ, фикр ва қалб эркинлигига эришиши керак. Атрофдаги барча таъқиқларни унутиши, бутун борлиғини ҳақиқий оламни идрок этишга сафарбар этиши зарур. У кўрганларини борича айтиши керак. Агар, бундай қилишдан қўрқса, унинг асари санъат эмас, балки чиройли сўзлардан иборат ёлғон бўлиб қолади.

Тарихдан маълумки, кўпчилик ижодкорларнинг ҳаёти осон кечмаган. Чунки улар манфаат ортидан қувмаган, ҳақиқий оламни борича тасвирлашга ҳаракат қилган, жамиятдаги тартиб-қоидалар, чекловларга бўйсунмай ҳақиқатни, фақат ҳақиқатни куйлашга интилган. Замонлар ўтиши билан ўша жамиятлар унутилиб кетди, аммо ижодкорлар номи яратган санъат асарлари орқали яшаб келмоқда.

Бугунги кунда санъатда, хусусан, бадиий адабиётда янги номлар кўпайиб кетди. Бу номлар бекатда уч дақиқа тўхтаб ўтадиган поезддек пайдо бўляптию, тезда унутиляпти. Албатта, ҳар ким ижод қилиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Буни тақиқлаб бўлмайди, аммо қоғоз қоралаган ҳамма ҳам ижодкор бўлиб қолмайди. Иштиёқ ёки ҳавас ортидан асар ёзаётганларни тушуниш мумкин, аммо манфаат, даромад учун қаламга ёпишганларни асло кечириб бўлмас! Ачинарлиси, ана шундай асарлар пештахталардан кенг ўрин олмоқда, шеърлар қўшиққа айланиб, инсонлар онг-у шуурини забт этмоқда. Бу одамларнинг маънавиятига, эстетик савиясига жиддий хавф туғдиради. Истеъдодли адиб Тоҳир Малик давра суҳбатларидан бирида таъкидлаганидек, бугунги давр ижодкори нафақат бадиий асар ёзиши, балки адабиётни ҳимоя қилиши ҳам керак бўлиб қолди, назаримда.

Хўш, нима қилиш керак? Ушбу саволни жавобсиз қолдирмоқчиман. Ечимни олий ҳакам – вақтнинг ҳукмига ҳавола этаман. Номини қўштирноқсиз ёзиб бўлмайдиган ишбилармон “ижодкорлар”га кичик тавсиям бор: Сомерсет Моэмнинг “Ой ва сариқ чақа” китобини ўқиб чиқинг.

Ой ва сариқ чақа…

Азизбек Рамазонов