Лойиҳа энергияни тежаш жараёнига ўз ҳиссасини қўшмоқда

0
88

Иқтисодиёт вазирлиги турли усуллар ёрдамида энергия истеъмолини камайтириш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш бўйича кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси ана шундай усулларидан биридир. Ушбу лойиҳа Жаҳон банки гуруҳи кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон саноат корхоналарида энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилган сублойиҳаларни молиялаштириш механизмини татбиқ этиш назарда тутилган.

Лойиҳа фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида молиялаштириш тўғрисидаги шартнома тасдиқлангандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011-йил 25-июлдаги “Халқаро таррақиёт уюшмаси иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 211-сонли қарорида белгиланди. Шартномага кўра, лойиҳаларни амалга ошириш учун Жаҳон банки Гуруҳи аъзоси Халқаро таррақиёт уюшмаси томонидан 25 миллион АҚШ доллари ажратилди.

2013-йилда эса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12-июндаги “Халқаро таррақиёт уюшмаси иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 168-сонли қарорига асосан 100 миллион АҚШ доллари қўшимча молиялаштириш сифатида ажратилди.

“Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида Халқаро таррақиёт уюшмаси кредитларидан энергия истеъмолини юқори даражада талаб этувчи тоғ-кон ва металлургия, кимё, нефт ва газ, электр энергия, қайта ишлаш, ва қурилиш материаллари саноати соҳаларининг корхоналари фойдаланишди.

Имтиёзли кредит маблағлари ҳар бир соҳага хос энергия истеъмоли жиҳатидан самарали замонавий асбоб-ускуналарни сотиб олишга йўналтирилди. Мисол учун, цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар замонавий автоматлаштирилган хом ашёни меъёрлаш ва ташиш бўйича асбоб-ускуналар, ёғ-мой ишлаб чиқариш корхоналари эса янги буғ қозонларни ўрнатиш бўйича сублойиҳаларни амалга оширишди. Бундан ташқари, йирик кредитлар частота узгартиргичлар ва компрессор стансиялар каби кўп соҳаларда қўлланиладиган асбоб-ускуналарни модернизациялаш бўйича сублойиҳаларга йўналтирилди.

Қуйидаги диаграммада кўрсатилганидек, сублойиҳаларнинг асосий қисми тоғ-кон ва металлургия, кимё ва қурилиш материаллари соҳаларида амалга оширилади. Уларнинг ярмидан кўпроғи қўшимча молиялаштириш ҳисобидан таъминланди.

“Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида асосий саноат соҳаларида энергия ресурсларини тежаш бўйича умумий маълумотлар (2017 йил 1 январ ҳолатига кўра) 

Манба: mineconomy.uz