«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилди

0
36

Ўзбекистон Президенти қарори билан ҳам Ўзбекистон, ҳам чет элликларга тақдим этилиши мумкин бўлган «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилди.


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 13 июлдаги қарори билан «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилди.

Кўкрак нишони билан жамиятда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар. Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти Мустақиллик куни байрами арафасида тантанали вазиятда топширилади

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан мамлакат санаторийларида даволанишлари учун бир маротабалик бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Манба: Газета.uz