Монетар сиёсат: ислоҳотлар талаб этилади

0
89
Монетар сиёсат: ислоҳотлар талаб этилади

Бугунги кундаги монетар сиёсат жамғармалар ва инвестицияларни рағбатлантирадими? Дебиторлик, кредиторлик қарзлари ва бюджетга боқимондаликни қисқартиришга йўналтирилганми? У аҳолининг оқилона бандлигини таъминлаш муаммоларини ҳал этиш заруратини инобатга оладими?

Миллий валютани конвертациялаш борасидаги баҳслар ушбу масалалар муҳокамасини иккинчи даражалик қилиб қўйди. Аслида бу масалалар узвий боғлиқдир. Монетар сиёсат мустақил миллий валютани яратиш, унинг ишончлилигини таъминлаш, тўлов тизимини такомиллаштириш, инфляция муаммоларини ҳал этиш, оқилона кредит сиёсатини ташкил этишга йўналтирилади, одатда. Лекин бу масалаларнинг негизида миллий пулнинг «тўлақонлилиги» туради 

Сўм тўлақонли пул ҳисобланиши мумкинми?

Классик иқтисодий назарияга кўра, пул тўлақонли бўлиши учун 5 та маълум функцияни бажариши керак. Сўм нечтасини бажармоқда?

1. У товарлар ва хизматлар қийматини ўлчаш ёки иқтисодчилар айтганидек, – умумий эквивалент бўлишдек биринчи функцияни бажаряптими?

Маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар миллий валютада баҳоланади. Лекин биз импорт товарларни бозорда харид қилаётганимизда сотувчилар кўп ҳолларда, ушбу товарлар нархини эркин алмаштириладиган валютада (ЭАВ) баҳолайдилар, сўнгра уни сотилаётган кундаги курс бўйича миллий валютада эълон қиладилар. Ҳатто мамлакатимиз автомобилларига ҳам яқин-яқингача нархлар ҳар ҳафтада Марказий банк курси бўйича ўзгариб турган. Яъни товарларнинг қиймати кўпроқ миллий валютада эмас, балки чет эл валютасида белгиланган. Хулоса: пулнинг биринчи функцияси – умумий эквивалент бўлишини миллий валюта фақат қисман бажариб келмоқда.

2 ва 3. Миллий валюта муомала воситаси ва тўлов воситаси функцияларини бажаряптими? Легал иқтисодиётда бажаради. Хуфиёна иқтисодиётнинг улуши эса қандай? Турли баҳоларга қараганда – 25%дан 50%га қадар. Хуфиёна бизнесда ҳисоб-китоблар нақд пулда амалга оширилади. Буни қоп-қоп сўмларни кўтариб боргандан кўра ЭАВда бажариш осонроқдир. Тахмин қилиш мумкинки, пулнинг ушбу функциялари бизнинг шароитимизда хуфиёна бозорнинг улушига тескари мутаносибликда бажарилади. Яъни пулнинг ушбу иккинчи ва учинчи функцияларини ҳам сўм қисман бажаради.

4. Сўмдан жамғариш воситаси сифатида фойдаланиладими? Эҳтимол, инфляция нималигини тамоман билмайдиган баъзи кишилар сўмларни айни нақд кўринишда сақлашлари мумкиндир. Банкда нақд сўмларни муддатли депозитга (маълум фоиз тўлови эвазига) топшириш мумкин. Бироқ уларни пластик карточкалардан мамлакатимиз тижорат банкларига арзийдиган фоизларни кўзлаб топширишнинг деярли имкони йўқ. Айни вақтда пластик карточкаларга иш ҳақининг 70%гача қисми ўтказилади. Иш ҳақининг бу қисмини фоиз олиш мақсадида жамғаришнинг иложи йўқ. Яъни, банкка омонатга қўйиш учун ушбу пластик картадаги суммаларни нақд пулга айлантириш бўйича харажатларни амалга ошириш, шундан кейингина тижорат банкларига депозитларга топшириш мумкин бўлади. Амалиётда эса, агар, сиз уларни нақд пулга айлантирган бўлсангиз, бозорда чет эл валютасига алмаштириш ва қатъий валютада сақлаш осонроқ бўлиб келган.

Юридик шахсларнинг нақдинасиз маблағларини жамғариш масаласи ҳам яхши аҳволда эмас. Омонатларни муддатли депозитга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг ярмидан ошадиган ставкада қабул қилишга рози бўладиган бирорта тижорат банкини билмайман – бу ставкалар эса инфляция суръатларидан анча паст. Демак, сўмимиз ҳозирча тўртинчи функцияни ҳам амалда бажара олмаяпти.

Неоклассик иқтисодий назария вакиллари ва барча Кейнс назарияси издошлари инвестициялар жамғармаларга тенглигини таъкидлайдилар. Ўзбекистонликлар жамғармаларининг бир қисмини қимматбаҳо зийнат буюмларда (автомобиллар жамғарув воситаси сифатида ўз аҳамиятини йўқотган) ёки, асосан, қатъий валютада амалга оширишлари боис улар мамлакатимиз иқтисодиётига эмас, балки хорижда инвестицияланади. Яъни амалга оширилиб келинган биздаги монетар сиёсат миллий валютада жамғармаларни шакллантириш ва иқтисодиётга инвестицияларни рағбатлантиришга йўналтирилмаган эди.

Бешинчи функция – жаҳон пуллари. Конвертацияни жорий этиш сўмнинг халқаро ҳисоб-китобларда тўлов воситаси бўлишига ёрдам берадими? Эҳтимол, маълум даражада ёрдам берар. Бироқ сўмдан жаҳон бозорларида тўлов воситаси сифатида фойдаланишга ҳали кўп муддат керак…

Муомалада пуллар етарлими?

Монетар сиёсатдаги сўнгги ўзгаришлар жумласида МБнинг қайта молиялаш ставкаси 1,5 баравар: 9%дан 14%гача кўтарилганини айтиш мумкин. Мажбурий захиралар бўйича ўзгаришлар йўқ. Нархларнинг маълум даражада ўсиши билан пулга бўлган талаб сезиларли ошди. Бу ҳол яхшими ёки ёмон?

Муомалада пуллар етарли бўлса, «яхши» дейиш мумкин бўларди. Мазкур соҳадаги етакчи экспертлардан бири бўлган Фозилбек Додиевнинг маълумотларига қараганда, монетизация даражаси коэффициенти (пул массасининг ЯИМга нисбати) Ўзбекистонда (2013 йил) 23,4%ни ташкил этди. Россия Федерациясида – 51%, Қозоғистонда – 35%, Украинада – 53%…

Пулларнинг етарлилигини баҳолаш учун монетизация даражасидан ташқари, улар муомаласининг тезлигини (velocite rate) ҳам ҳисобга олиш лозим. Мисол учун, АҚШда (2011 йил) монетизация даражаси 83%га тенг бўлган. Пул муомаласи тезлиги АҚШ иқтисодиётида 1,2 бараварни ташкил этган ҳолда, муомалада мавжуд бўлган пуллар миқдори ЯИМ ҳаракатига хизмат кўрсатиш эҳтиёжларини қоплаб келади. Японияда монетизация даражаси – 236%. Бироқ пулларнинг муомала тезлиги бир мартани ҳам ташкил этмайди. Агар муомала тезлиги Японияда лоақал 1 га тенг бўлганда эди, инфляция йилига 200%дан кўпроқни ташкил этар эди. Уларда эса кейинги йилларда дефляция жараёнлари (нархлар пасайиши) кузатилмоқда.

Агар Ўзбекистонда монетизация даражасини 25% деб олсак, ЯИМга хизмат кўрсатиш учун муомала тезлиги йилига 4 бараварни ташкил этиши керак. Инфляциянинг прогнозини ҳисобга олганда – балки, озгина кўпроқдир. Агар муомала тезлиги АҚШда 1,2 ни, Японияда эса бир мартадан камни ташкил этган бўлса (ушбу мамлакатлар тўлов тизимлари энг тараққий этган тизимлар сирасига киради), бизда у 4 ни ташкил этиши мумкинми? Бунинг эҳтимоли кам.

Ҳатто агар Ўзбекистонда пул муомаласи тезлигининг даражаси 2 деб қабул қилсак ҳам, мазкур ҳолда пул массаси монетизациянинг ҳозирги даражасида ЯИМнинг ярмига хизмат кўрсата олади. Мантиққа кўра – бу нархларнинг пасайишига олиб келиши керак. Бироқ корхоналарнинг кўпчилиги 12–18% рентабеллик билан ишлашини ҳисобга олсак, улар агар нархларни пасайтирсалар – касодга учрайдилар. Муомалада маблағларнинг етишмаслиги нимага олиб келади? Жавоб аниқ – бюджетга боқимондаликнинг ўсишига, дебиторлик, кредиторлик қарзининг кўпайишига. Корхоналар, тадбиркорлар, фермер хўжаликлари ҳам азият чекадилар – кўплар тўловларни ўз вақтида ололмайдилар. Ўз вақтида тўловларни ололмаган тадбиркорлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари, бошқа хўжалик субъектларининг ўз фаолиятига бўлган рағбати сусаяди.

Маъмуриятчилик

Мазкур шароитларда иқтисодиётни бошқаришнинг ягона усули – маъмурий чоралар. Қай тарзда? Туман ҳокимлари фермер хўжаликлари ва энг муҳим корхоналарга маҳаллий раҳбарларни бириктириб қўядилар. Улар «вакил» деб ном олган. Ҳар куни улар «селектор йиғилишлари»га тўпланадилар, кечқурун эса уларга бириктирилган хўжаликларда кун мобайнида қилинган ишлар учун ҳисобот берадилар: «қанча ер ҳайдалди, қанча ҳосил йиғиб олинди, қанча дебиторлик қарзи сўндирилди…» ва ҳ.к.

Агар монетар сиёсат оқилона ташкил этилса, бундай «вакиллар»га эҳтиёж бўлармиди?

Ҳокимларимизга ҳайкал қўйса арзийди. Мавжуд монетар сиёсат шароитида иқтисодиётимиз аллақачон тўхтаб қолиши керак эди. Айни уларнинг маъмурий механизмлар қўллашлари туфайли ЯИМ ҳар йилги 7–8% ўсишининг салмоқли қисми таъминланиб келмоқда. Бироқ бу бозор иқтисодиёти тамойиллари эмас. Булар – «ишончли, синалган» маъмурий усуллардир.

Бу билан ким шуғулланиши керак?

Жойларда пул муомаласи билан «пул-кредит комиссиялари» шуғулланадилар. Уларнинг асосий вазифалари жойларда монетар сиёсатнинг самарадорлигини таъминлаш ва баҳолаб боришдир. Амалда улар нималар билан шуғулланадилар? Вақти-вақти билан мажлислар ўтказишади. Кўпинча – ой охирида. Бу мажлисларда навбати билан нақд пул билан ишлайдиган тадбиркорлардан «касса» режаси бажарилиши – нақд пулларни уларга хизмат кўрсатадиган тижорат банкига белгиланган муддат ва миқдорларда топшириш бўйича режалар бажаришлари талаб қилинади. Улар ҳам навбати билан бажарамиз деб ваъда берадилар…

Комиссия аъзолари монетизация даражаси ёки пул муомаласи тезлиги тўғрисида тушунчаларга эгаликлари эҳтимолдан узоқ бўлса керак. Тегишинча, комиссиялар ишини ўз тафаккурлари доирасида ташкил этадилар. Монетар сиёсатнинг мониторинги ҳам шунинг ўзидан иборат…

Нақд пулга эҳтиёж

Пул муомаласида нақд ва нақдинасиз ҳисоб-китобларда муаммо ҳам эътиборга лойиқ. Жисмоний шахслар иш ҳақларининг нақд шаклда ёки пластик карточкага ўтказиш йўли билан олишни танлаш ҳуқуқи эълон қилинганлигига қарамай, амалда банклар ҳозиргача уни пластик картада олишни «қатъият билан тавсия этадилар». (Бу борада Ўзбекистон истисно эмас. Деярли барча энг тараққий этган давлатларда ҳам электрон тўлов тизимини ривожлантиришга доир ишлар ташкиллаштирилган. Бунда кўпроқ бозор усуллари, рағбатлантириш қўлланилади).

Олинган маошнинг бир қисмини оила аъзоларига шахсий эҳтиёжларга бериш билан боғлиқ ноқулайликлардан ташқари, нархлар муаммоси юзага келган эди. Агар товарлар нақд пулга сотиб олинса, бу харид 10-15% арзонга тушар эди. Айрим ривожланган мамлакатларда, масалан, Кореяда аксинча – агар нақд пул билан тўланса, товар ҳисоб-китоб пластик карточка бўйича бажарилганидан 15% қимматроқ туради.

Нима учун пластик карточка орқали харид қимматроқ бўлган? Биринчидан, бу сотувчиларнинг солиқлардан «қочишлари» билан боғлиқ. Бошқа сабаб хизмат кўрсатишнинг арзонлигида. Икки-уч йил аввал инкассаторларнинг нақд пул билан боғлиқ хизматлари – пластик карточкалар бўйича электрон тўловларга тижорат банклари хизмат кўрсатишларига нисбатан анча арзон турарди. Пластик карточкалар жорий қилинган дастлабки даврда пул муомаласи соҳасида хизмат кўрсатишлар арзонлашиш ўрнига қимматлашган эди. Ҳозирда бундай номутаносибликка барҳам берилган.

Депозит сиёсатнинг роли

МБнинг монетар сиёсати депозитлар билан бамисоли шуғулланмайди ҳам – бу ҳол тижорат банкларининг хос ҳуқуқи. Улар мижозлар банк ҳисобрақамларидаги маблағларининг бўш қолдиқларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эгалар. Бундан банклар манфаатдорлар – муддатли депозитлар бўйича бўлганидек ҳисобрақамлардаги қолдиқлар учун фоизларни тўлаш керак эмас. Лекин ҳисобрақамлардаги пуллардан кредит ресурслари сифатида эркин фойдаланишлари мумкин.

Агар юридик шахсларга банклардаги ўз ҳисобрақамларидан нақд пулларини чекланмаган миқдорда олишга рухсат берилганида эди, зеро бу уларнинг ўз пулларидир, тижорат банклари мижозларнинг бўш пулларини тўлов эвазига жалб этишга мажбур бўлардилар. Қонунчилик аввал-бошдан тижорат банклари тарафига туриб, ҳисобрақам эгаларининг нақд маблағлардан фойдаланиш имкониятини чеклайди. Иқтисодиётда пул айланмасининг асосий қисми юридик шахслар ўртасида амалга оширилади.

Бироқ, агар юридик шахсларнинг бўш маблағларига фоизлар ҳисоблаб ёзилмаса, уларнинг «харид қобилияти»ни инфляция «еб боради». Бунга йўл қўймаслик учун юридик шахслар турлича йўллар билан ўзларининг бўш маблағларини нақд пулга айлантиришга ва уларни қатъий валютада сақлашга мажбур бўладилар. Чет эл валютасига талабнинг доимий ошиб туришининг сабаби ана шундадир, уни депозит сиёсатини ўзгартирмасдан ўзгартириб бўлмайди.

Депозит сиёсатини ўзгартириш таклифига одатда, «тижорат банкларида шундоқ ҳам кредит ресурслари етишмайди, вазият янада оғирлашади» деб жавоб берилади. Бундай далил банклар тўлақонли бозор тузилмаларига айланмаганлигидан далолат беради холос. Улар зўрға иқтисодиётда ўз ўрнига эга бўлишга муваффақ бўлишяпти. Бугунги иқтисодиёт режали эмас, аммо уни ҳали бозор иқтисодиёти деб ҳам бўлмайди. Бироқ агар бозор тамойиллари пул соҳасида ишламаётган бўлса, бошқа секторлар ҳақида гапиришга ҳожат бормикан?

Юридик шахсларнинг нақд ва нақдсиз пулларга эҳтиёжи реал иқтисодиёт эҳтиёжлари билан мувозанатлаштирилишига фақат нормал депозит сиёсат амалга оширилаётганда эришиш мумкин.

Марказий банк мажбуриятлари

«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга кўра, унинг бош мақсади бўлиб миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш ҳисобланади. Яъни ЯИМнинг ўсиши, бандликни таъминлаш, минтақаларни ривожлантириш, бозор иқтисодиётига ўтиш ва уни эркинлаштириш учун МБ тўғридан-тўғри жавобгар эмас. Зеро, иқтисодий сиёсатнинг ушбу йўналишларига жавоб берадиган соҳа вазирликлари бор. Бироқ ушбу энг муҳим иқтисодий идора ўз фаолиятида санаб ўтилган барча иқтисодий вазифаларни ҳисобга олиши шарт, албатта. Монетар сиёсат макроиқтисодий, минтақавий, солиқ-бюджет сиёсати ва бандлик сиёсати билан узвий боғлиқ бўлиши ва бу қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланиши шарт.

МБ функциялари фақат миллий пул маблағларининг барқарорлигини таъминлаш билан чекланган ҳолда, у амалда фақат халқаро молиявий институтлар агенти функцияларини бажаради, холос. Айнан улар миллий валютанинг барқарорлигини, инфляцияни чеклаб бориш, хорижий капитал учун шароитлар яратишни талаб қилишади. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг субъектлари рақобатдошлигини ошириш ва ҳ.к. масалалар эса – миллий ҳукуматнинг вазифаси. У валютанинг тўлақонлилигини, иқтисодиёт ва турмуш даражасининг ўсишини таъминлай олса – яхши, буни қила олмаса ўзи айбдор…

Пул муомаласи қонуниятлари бўйича

Монетар сиёсат миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш вазифаси билангина чекланиши тўғрими? Ёки у мамлакат иқтисодий муаммолари бутун мажмуини, эҳтимол, ҳатто валютанинг барқарорлигига зарар келтирган ҳолда ҳам ҳал этишга йўналтирилиши керакми? Кўп экспертларнинг таъкидлашича, миллий валютани барқарорлаштирмасдан, инфляциянинг паст суръатларисиз бошқа барча иқтисодий вазифаларни ҳал этиб бўлмайди. Шундаймикин? 

Ибратли мисоллар

Кореялик иқтисодчи, Кембриж университети профессори, ривожланаётган иқтисодиётлар бўйича жаҳондаги етакчи мутахассислардан бири бўлган Ха Жун Чханнинг ёзишича, 1960–1970 йилларда Бразилияда инфляциянинг ўртача кўрсаткичи 42%га тенг бўлган. Бу ҳолатда у дунёнинг энг жадал ривожланаётган мамлакатларидан бири эди: аҳоли жон бошига даромад йилига 4,5%га ўсиб келган. Худди шу йилларда Жанубий Кореяда аҳоли жон бошига даромад, инфляция ўртача йиллик даражаси қарийб 20% бўлишига қарамай, йилига 7%га кўпайган.

1996 йилдан бошлаб Бразилия, жадал инфляциянинг оғриқли босқичидан ўтиб, инфляцияни жиловлай бошлади. У реал фоиз ставкасини (номинал фоиз ставкаси айирув инфляция суръати) дунёдаги энг юқори ставкалардан бирига (йилига 10–12%) кўтарди. Инфляция йилига 7,1%гача тушди, бироқ мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ҳам сусайди: аҳоли жон бошига даромаднинг ўсиши йилига бор-йўғи 1,3%ни ташкил қилиб келди.

 Нормал бошқариладиган иқтисодиётда инфляциянинг «юқори» даражада бўлишининг асосий сабаби – иқтисодиёт тармоқ таркибининг ўзгариши ва иқтисодиётининг тузилмавий силжишларидир. Яъни чуқур иқтисодий ислоҳотлар шароитида инфляциядан қутулиб бўлмайди, зеро таркибий ўзгаришлар шароитида кўплаб корхоналар касод бўлади ва ёпилади. Айни вақтда янги корхоналар ташкил этилади. Уларни барпо этишга салмоқли инвестициялар йўналтирилади. Бироқ муомалага чиқариладиган, инвестициялар учун зарур бўлган маблағлар бир лаҳзада самара келтирмайди. Янги корхоналарни ишга тушириш учун муайян вақт тақозо этилади. Янги ёки реконструкция қилинган корхоналар маҳсулот бера бошлаганда пул массаси билан товар массаси ўртасидаги мувозанат тикланади. Бу давргача кучайган инфляция – нормал ҳодиса. Агар Бразилия баён этилаётган даврда халқаро молия институтларининг тавсияларига амал қилмаган ва инфляцияни зудлик билан тўхтатишга киришмаганда эди, эҳтимол, унинг ривожланиши Кореядагидан ёмон бўлмас эди. 

Ибратли мисоллар

Бошқа мисол – Греция. Еврозонанинг аъзосига айланганида у ўз зиммасига Маастрихт шартномасида қайд этилган бир қатор мажбуриятларни, шу жумладан инфляция даражасини 3%дан оширмаслик шартини қабул қилди. Унинг иқтисодиёти зона ичидаги рақобатдошлигини таъминлаш учун қайта таркибланиши керак эди. Бу эса салмоқли инвестицияларни ва ислоҳотларнинг дастлабки вақтида инфляция даражасини оширишни талаб қилган. Бироқ Еврозона бўйича қўшнилар Грециянинг шартномани бузишига тўсқинлик қилдилар. Еврозонадан чиқиш таомили Маастрихт шартномасида кўрсатилмаган экан. Греция таркибий ўзгаришларни, инфляцияга маълум эркинлик бермасдан таъминлай олмайди, айни вақтда шартномадан чиқа олмайди ҳам. Учинчи йўл топилди: мамлакатни кўп миллиардли кредитлар билан таъминлаш. Бироқ кредитларнинг катта қисми Греция иқтисодиётининг таркибий ўзгаришларига эмас, балки эски қарзларни қоплашга йўналтирилади. Натижада Греция «яшаши учун имкон берилмайдиган ва ўлимига ҳам рухсат берилмайдиган ҳолатда бўлиб қолди. Ўхшаш муаммоларни Болгария ва Руминияда ҳам кузатиш мумкин…

Салмоқли таркибий силжишларга зарурият бўлган мамлакатимиз шароитлари учун 10–14%ли инфляция ҳаддан ташқари бўлмас эди. 2017 йилги қабул қилинган 5,7–6,7%ли инфляция прогнози, зарурий ислоҳотлар ва таркибий силжишларга тўсқинлик қилиши эҳтимоли юқоридир. МБнинг охирги, 11–12%ли инфляциянинг прогнози иқтисодиётимиздаги таркибий ўзгаришларни жадаллаштиришига умид туғдиради. Бироқ депозит сиёсатидаги ўзгаришларсиз иқтисодиётга инвестицияларни фаоллаштириш бўйича чоралар етарли бўлмайди.

*  *  *

Ягона курс бўйича конвертацияни жорий этиш ва божхона тўловларини пасайтириш таркибий ислоҳотларни жадаллаштиришни тақозо этади. Иқтисодиётимизнинг бугунги кундаги тармоқ таркиби, малакали мутахассислар етишмаслиги, сармояларнинг сустлиги омиллари сабабли мамлакатимизни халқаро иқтисодиётга жадал интеграциялашда қатор муаммолар келиб чиқиши эҳтимоли юқоридир. Либерал қарашлардаги иқтисодчи ҳамкасбларимиз айни ушбу эркинлаштириш уни жадал модернизациялашга мажбур этади деган фикрда.

Қанийди, шундай бўлса! Валюта бозорини либераллаштириш бўйича қабул қилинган чоралар монетар ва инвестиция сиёсатининг заиф томонларини аниқлаш имконини беради. Бунда шуни ҳисобга олиш керакки, меҳнатга ҳақ тўлашдаги мавжуд номутаносибликлар, малакали кадрларнинг етишмаслиги, иқтисодиётга ва инсон капиталига инвестициялаш учун зарур механизмлар ҳамда рағбатлар мавжуд бўлмаган чоғда фақат эркин бозор усули ёрдамида рақобатдош иқтисодиётни жадал шакллантиришга умид боғлаш хомхаёлга ўхшайди. Мамлакатнинг маҳаллий тадбиркорлари ўз иқтисодиётига инвестициялар қўйишга шошилмаётган шароитда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга умид боғлаш – йўқ жойга инвестиция қўйишга тайёр бўлган, соддадил чет эллик инвесторларни излашдек кўринади. Модернизациялашга жамғармалар ва инвестицияларни рағбатлантирадиган, оқилона бандликни таъминлайдиган, молия соҳасида бозор муносабатларини шакллантириш бўйича монетар сиёсат такомиллаштирилмаса, кўп корхоналар қийин аҳволга тушиши, уларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувнинг янги шароитларида рақобатга бардош беришлари мураккаб кечиши мумкин.

Мирёқуб ҲАЙДАРОВ, иқтисодчи.

Манба: gazeta.norma.uz