Ўзбекистон иқтисодиётда банд бўлган аҳоли сони эълон қилинди

0
21

2017 йилнинг январь-июнь ойлари якунлари бўйича Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолиси сони 14,162 миллион киши ёки умумий аҳолининг (32,345 миллион) 43,9 фоизини ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Иқтисодиётда банд аҳоли сони 13,421 миллион кишини ташкил этиб, 2016 йилнинг худди шу даврига нисбатан 1,7 фоизга ошди.

Январь-июнь ойларида иқтисодий фаол аҳолининг бандлиги 94,8 фоизни ташкил этди. нодавлат секторда банд бўлганлар улуши 82,1 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 0,3 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Ташиш ва сақлаш (3,3 фоиз), қурилиш (2,8 фоиз), ахборот ва алоқа (2,6 фоиз), яшаш ва овқатланиш бўйича хизмат кўрсатиш (2,1 фоиз) соҳаларида бандлик сонининг ўсиши кузатилди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 27 фоиз, саноатда 13,6 фоиз, савдода 10,6 фоиз, қурилишда 9,2 фоиз ва таълимда 8,3 фоиз бандлик таъминланди.

Кичик тадбиркорликда бандлик улуши иқтисодиётдан банд бўлганларнинг жами сонидан 77,7 фоизга етди.

Иш изловчи сифатида меҳнат бўйича органлар ҳисобида турган фуқаролар сони июнь охирида 8300 нафарни ташкил этди. Бу 2016 йилнинг худди шу даврига нисбатан 42,7 фоиз кўп демакдир (5800 киши).

Ишсизлар сони эса 741,4 минг кишини ташкил этди.

Манба: Sof.uz