Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси биринчи ярим йилликда 12 миллиард доллардан ошди

0
41

2017 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекисоннинг ташқи савдо айланмаси 12 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,1 фоизга ўсди. Экспорт ҳажми 5,969 миллиард долларни (+13,1 фоиз), импорт эса 6,102 миллиард долларни (+9,2 фоиз) ташкил этди. 


Ташқи савдодаги салдо импорт фойдасига 132,7 миллион долларни ташкил этган бўлиб, бунда МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдодаги фарқ ижобий бўлиб, 300,2 миллион долларни ташкил этган бўлса, бошқа мамлакатлар билан савдода салбий тафовут 432,9 миллион доллардан иборат.

Ўзбекистон резидентларининг ташқи савдо амалиётлари асосан Осиё (умумий маҳсулот айланмасининг 47,2 фоизи), Европа, (42,2 фоиз) ва Америка мамлакатлари (3 фоиз) билан амалга оширилган бўлиб, уларнинг жами улуши 92,4 фоизни ташкил этади.

МДҲ мамлакатлари орасида ташқи савдонинг асосий улуши Россия, Қозоғистон, Украина, Тожикистон, Қирғизистонга тўғри келиб, 29,4 фоизни ташкил этади. Бошқа мамлакатлар орасида Хитой, Туркия, Корея, Германия, Афғонистон, Бразилия, Ҳиндистон, Эрон, Латвия, Литва, Франция, АҚШ, Швейцария ҳиссасига тўғри келиб, жами ташқи савдонинг 43 фоизини ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг 2017 йил январь—июнь ойлари бўйича ташқи савдодаги ҳамкорлари ўнлиги

  1. Россия — 2,227 миллиард доллар (+13,6 фоиз), улуш — 18,5 фоиз;
  2. Хитой — 2,2108 миллиард (+1,1 фоиз), 17,5 фоиз;
  3. Қозоғистон — 953 миллион (+11,4 фоиз), 7,9 фоиз;
  4. Туркия — 709,9 миллион (+28 фоиз), 5,9 фоиз;
  5. Корея — 572,8 миллион (+13,5 фоиз), 4,7 фоиз;
  6. Германия — 323,7 миллион (+23,2 фоиз), 2,7 фоиз;
  7. Афғонистон — 289,4 миллион (+14,2 фоиз), 2,4 фоиз;
  8. Бразилия — 203,7 миллион (+26,4 фоиз), 1,7 фоиз;
  9. Ҳиндистон — 166,5 миллион (-6,6 фоиз), 1,4 фоиз;
  10. Эрон — 166,3 миллион (-19 фоиз), 1,4 фоиз.

Ўзбекистон экспорт тузилмасининг 27,9 фоизини хизматлар, 12,3 фоизи — энергия ташувчи ва нефть маҳсулотлари, 7,5 фоизи —кимёвий ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, 6,7 фоизи— қора ва рангли металлар, 6,1 фоизи— озиқ-овқат маҳсулотлари, 4,3 фоизи — пахта толаси, 2,4 фоизи— машина ва ускуналар, 32,8 фоизи — бошқа товарлар ташкил этган.

Импорт тузилмасида эса машина ва ускуналар 37,2 фоизни, кимё саноати маҳсулотлари — 17,9 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари — 11,1 фоиз, қора ва рангли металлар — 9,9 фоиз, хизматлар — 6,9 фоиз, энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари — 5,3 фоизни ва бошқа товарлар — 11,7 фоизни ташкил этди.

Манба: Sof.uz