Савол

0
81

У жавонда яшар эди. Эътиборсиз, интизор, интиқ. Бежирим нақшлари ўзига ярашган, кўрган кишининг кўзлари қамашадиган чиройли безак эди у. Устанинг моҳир қўлларида бунёд бўлганидан бери бир савол ҳақида ўйлар эди. У нимага яралганини билмас эди.

Кунлардан бир куни уй бекаси уни жавондан олди. Чойнакдан чой қуйди. Пиёла биринчи марта чойнинг қайноқ ҳароратини ҳис қилди. Уй бекаси чойга шакар аралаштирди ва кенжа фарзандига тутди. Фарзанд пиёлани лабларига теккизди. Пиёла илк бор инсон лаблари ҳароратини туйди. Эрка фарзандга ширин чой ёқмади. Тантиқлик қилиб пиёлани ташлаб юборди. Қаттиқ полга тушган пиёла чил-чил синди. Унинг ҳаёти якунига етди. Аммо у бахтиёр эди. Чунки ўз саволига жавоб топган эди.

Азизбек Рамазонов