Илм-фан равнақи йўлида

0
296
Илм-фан равнақи йўлида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги  “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан 22 йиллик узоқ танаффусдан сўнг академиянинг Ҳайъати ва фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзолари тавсиясига кўра, Фанлар академиясининг 32 нафар янги ҳақиқий аъзолари тасдиқланди. Улар орасида иқтисодиёт фанлари бўйича ҳурматли домламиз,  Аимбетов  Нағмет  Қаллиевичнинг академик унвонига сазовар бўлганлиги ҳаммамизни жуда қувонтирди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Аимбетов  Нағмет  Қаллиевич 1955 йили Нукус шаҳрида (Қорақалпоғистон Республикаси) туғилган. У 1977 йили  Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) амалий математика ва механика факультетини тугаллаган. Шу йилдан бошлаб ЎзР Фанлар Академияси Қорақалпоғистон филиалига (ҳозирги минтақавий бўлим) йўлланма билан ишга келди.

Н.Қ.Аимбетов 1979-1982 йилларда Украина Фанлар Академияси В.М.Глушков номидаги Кибернетика институти аспирантурасининг кундузги бўлимида ўқиди ва уни тугаллагандан сўнг мазкур институтда иқтисодиёт фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди (1984). 1985 йилдан ЎзФА Қорақалпоғистон филиалининг   Н.Давқораев номидаги Тарих, тил ва адабиёт институтида ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар гуруҳида дастур бўйича мухандис, кичик илмий ходим ва катта илмий ходим лавозимларида ишлади. 1986 йилда ушбу филиалнинг Ҳисоблаш маркази директори лавозимига тайинланди.

2000 йилдан бошлаб Ҳисоблаш маркази базасида Оролбўйи ижтимоий-иқтисодий муаммолар институти ташкил қилингандан кейин Аимбетов Н.Қ. мазкур институт директори ва 2002-2004 йиллар давомида ЎзР Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими президиуми раисининг ўринбосари бўлиб ишлади. Бугунги кунда эса у ушбу Бўлим президиумининг раиси лавозимида ишламоқда.

Ўз фаолияти давомида академик Аимбетов Н.Қ. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон фанига салмоқли ҳисса қўшди ва ўз соҳасида илмий изланишларни давом эттирмоқда. «Фан», «Наука», «Наукова думка», «Қорақалпоғистон» ва бошқа қатор нашриётларда 100 дан ортиқ илмий ишлари чоп этилди. У раҳбарлик қилаётган ташкилот Мустақил Давлатлар Ҳамжамияти ва бошқа хорижий давлатлардаги қатор илмий ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга оширмоқда.

Академик Аимбетов Н.Қ. 1990 йили Лондон университетида ташкил қилинган Марказий Осиёда Орол денгизи бўйидаги экологик муаммолар, 1994 йили эса Сан-Диего Миллий университетида (АҚШ) Оролбўйи ижтимоий-иқтисодий муаммолари бўйича илмий-амалий баёнатлар қилди. 1995 йили Нукус шаҳрида «Орол бўйининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари» мавзусида халқаро конференцияни ташкил қилишга муваффақ бўлди. Конференцияга Ўзбекистон ва хорижий давлатлардан етакчи олимлар иштирок этиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга боғлиқ бир неча масалалар ўртага ташланди ва уларни ҳал қилиш йўллари муҳокама қилинди.

У 1995-2003 йиллар давомида Орол денгизи жанубида жойлашган Судочье кўли атрофидаги (Қўнғирот ва Мўйноқ туманларига тегишли) аҳоли истиқомат қилаётган жойларда ижтимоий-иқтисодий мониторинг ўтказиш ишларига раҳбарлик қилди. Бу мониторинг натижалари бўйича Судочье кўлини тиклашнинг халқаро лойиҳалари бўйича катта ишлар амалга оширилди ва кўл бугунда Рамсар Конвенциясига киритилиши арафасида турибди. 2005-2009 йилларга мўлжалланган Қорақалпоғистон Республикасининг жанубида жойлашган туманларнинг (Тўрткўл, Беруни ва Элликқалъа) мелиоратив ҳолатини ва ушбу минтақадаги аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш учун амалга оширилиши мақсад этиб қўйилган “Бош Жанубий Коллектор” халқаро лойиҳасининг “Ижтимоий-иқтисодий мониторинги” компонентига раҳбарлик этган.

Академик Н.Қ.Аимбетовнинг раҳбарлигида 2009 йили бошланган илмий тадқиқотлар натижасида 2014 йили Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий зоналаридаги мавжуд табиий бойликларни халқ хўжалигида фойдаланиш орқали ушбу минтақанинг ижтимоий-иқтисодий шароитини ривожлантириш бўйича янги концепция яратилди. Бу концепцияда қаралаётган минтақанинг транспорт инфраструктурасини ривожлантириш, ҳусусан темир йўл транспортини барпо этиш масалалари батафсил илмий асосланиб берилган. Қаралаётган минтақа республиканинг Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир ва Мўйноқ туманларини ўз ичига олади. Тадқиқотларнинг асосий натижалари илмий журналларда чоп этилган. Ушбу концепциянинг бугунда амалиётга тадқиқ этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Умуман олганда академик Н.Қ.Аимбетовнинг олиб бораётган асосий илмий ишлари минтақанинг, ҳусусан Қорақалпоғистон Республикасининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаларига қаратилган. Ўзининг илмий ишларини олиб борар экан, у албатта бошқа хорижий давлатлардаги мавжуд минтақавий муаммоларини ҳам батафсил ўрганиб бормоқда.

Академик Н.Қ.Аимбетов раҳбарлик қилаётган жамоа бугунги кунда илмий марказ сифатида яқин ва узоқ хориж давлатларига кенг танилди. Австралия, АҚШ, Германия, Жанубий Корея Республикаси, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Франция, Хитой, Япония ва бошқа мамлакатлардаги илмий марказлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди ва бу борадаги ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

Олимнинг раҳбарлигида бешта тадқиқотчи номзодлик, иккита докторант докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Ҳозирда унинг рахбарлигида уч нафар изланувчи ўзларининг докторлик ищлари устида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши Президиуми Н.Қ.Аимбетовни Республика фанининг ривожланишида ва ижтимоий ҳаётидаги фаол хизматларини юқори баҳолаб, 1992 йили «Ҳурмат Ёрлиғи» билан мукофотлади, 2009 йили эса унга “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони берилди. 2001 йили «Ўзбекистон Мустақиллигининг 10 йиллиги», 2006 йили «Ўзбекистон Мустақиллигининг 15 йиллиги», 2011 йили «Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги» эсдалик нишонлари ва 2012 йили “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Академик Н.Қ.Аимбетовга Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик бўлганликлари билан чин қалбдан қутлаймиз ҳамда иқтисодий тадқиқот ишларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз. ЎзР Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Иқтисодиёт факультети ва “Инновацион технологиялар маркази” илмий тадқиқотлари ва унинг нашри ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги фаолиятингизни қадрлаймиз.

Абулқосимов Ҳасан Пирназарович, ЎзМУ Иқтисодиёт факультети “Иқтисодиёт назарияси” кафедраси профессори