Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
“Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда академиклар, фан арбоблари, шоирлар, машҳур санъаткорлар билан ижодий учрашувлар, битирувчиларни касбга йўналтиришга қаратилган тарғибот акциялари ташкил этилди.
— “Очиқ эшиклар куни”ни айнан 25-майда ўтказганимизнинг рамзий маъноси бор, — дейди ЎзМУ проректори Д.Джумабаев. – Сўнгги қўнғироқ садолари остида катта ҳаётга йўлланма олаётган битирувчи ёшлар ҳаётда ўз ўринларини топишлари ғоятда муҳим. Тадбир орқали биз уларнинг қалбида олий таълим муассасаларида таҳсилни давом эттириш иштиёқини уйғотишга ҳаракат қилдик.
Тадбирда иштирок этган шоирлар — Фарида Афруз, Зикрилла Неъмат, эл суйган санъаткорлар — Азиза Бекматова, Ражаб Адашов, Малика Иброҳимова, Лола Элтоева ва бошқа меҳмонлар битирувчи ёшларга кейинги фаолиятларида муваффақиятлар тилашди.
— Бугунги кун ҳаётимдаги энг унутилмас кун бўлди, — дейди 237-мактаб битирувчиси Азиза Солиева. – Университетда талабаларнинг ўқиши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, менда ҳам келажакда ЎзМУ талабаси бўлиш иштиёқи уйғонди. Чин юракдан ҳаракат қилсам, албатта, мақсадимга эришаман!
Умумий ўрта таълим, ўрта-махсус таълим муассасалари ва олий таълим даргоҳлари ўртасидаги узвий алоқани янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган бу каби тадбирлар ёшларни ўзлари қизиққан соҳа бўйича тўғри йўналтиришда, уларнинг қизиқишларини қўллаб қувватлашда самарали натижа бериши, шубҳасиз.
Азизбек Рамазонов