68 баллдан юқори балл тўплаган талабалар қимматлаштирилган «контракт» асосида ўқишлари мумкин

0
398

Ўзбекистон олийгоҳларида жорий йилдан бошлаб тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабуллар жорий этилди.


2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилмоқда. Бунда олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади.

Тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Ушбу қарорга биноан ҳамда Ўзбекистонда янги қурилаётган корхоналарнинг ҳудудий жойлашуви, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификациялашнинг инвестициявий лойиҳалари, йўл-транспорт ҳамда коммуникация инфратузилмаси таҳлилига мувофиқ, 2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича умумий квота бакалаврлар учун 66316 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 18194 та ва тўлов-контракт асосида 48122 та, магистрлар учун 5000 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 1556 та ва тўлов-контракт асосида 3444 та этиб белгиланди.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда махсус сиртқи бўлим негизида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15 та ва тўлов-контракт асосида 85 та, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90 нафар ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалаврни тайёрлаш назарда тутилган.

Бундан ташқари, ушбу қарор билан 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар учун Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари тасдиқланди.

Манба: Газета.uz