ДТМнинг абитуриентларга 16 маслаҳати

0
95

Давлат тест маркази ўтган йиллар давомида тест синови топшириш жараёнида абитуриентлар томонидан энг кўп хатога йўл қўйилган ҳолатлар ҳақида маълумот берди.


ДТМнинг расмий сайтида абитуриентларга тест синовини топшириш жараёнида белгиланган тартибга қатъий риоя қилиш, тест материаллари билан ишлаш қоидаларини мукаммал ўзлаштириш тавсия қилинган. Шунингдек, тест синовларини топширишда йўл қўйилган биргина хато жараённинг кейинги босқичларида абитуриентлар ҳуқуқларини чеклаб қўйиши мумкинлиги таъкидланган.

Ўтган йиллар давомида тест синови топшириш жараёнида абитуриентлар томонидан энг кўп хатога йўл қўйилган ҳолатлар ва уларнинг оқибатлари:

1.Тест синови топшириш жараёнида саволлар китоби ва жавоблар варағи рақамларининг бир-бирига мослигини текширмаслик – бундай ҳолат абитуриент томонидан тўпланган умумий баллар миқдорининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Унутманг, рақамлар мослигини текшириш аудиторияда, тест синови бошлангунга (9.00 га) қадар амалга оширилади. Бундай ҳолат тест синови бошлангандан (9.00 дан) кейин аниқланса, эътироз қабул қилинмайди.

2.Саволлар китоби муқовасининг белгиланган жойига фамилияси, исми ва шарифини ёзмаслик, имзо қўймаслик — бундай ҳолат кейинги босқичда (масалан, апеллясия жараёнида) абитуриент эътирозинининг кўриб чиқилмаслигига сабаб бўлади.

3.Тест топшириқларини ечишдан олдин саволлар китобини текшириб чиқиш шарт – акс ҳолда абитуриент томонидан тўпланган умумий баллар миқдорининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Унутманг, саволлар китобини текшириш аудиторияда, тест синови бошлангунга (9.00 га) қадар амалга оширилади. Бундай ҳолат тест синови бошлангандан (9.00 дан) кейин аниқланса, эътироз қабул қилинмайди.

4.Жавоблар варақасининг тегишли жойига фамилияси, исми ва шарифини ёзмаслик, имзо қўймаслик — бундай ҳолат кейинги босқичда (масалан, апеллясия жараёнида) абитуриент эътирозинининг кўриб чиқилмаслигига сабаб бўлади.

5.Жавоблар варақасининг алоҳида жойлари (маркер чизиғи, кодланган доирачалар, штрих кодлар) устига чизиш, ёзиш — бундай ҳолатда ушбу жавоблар варақаси техник жиҳатдан яроқсиз деб ҳисобланиши ва натижа чиқарилмаслигига сабаб бўлади.

6.Саволлар китобини яроқсиз ҳолга келтириш (йиртиш, ички бетларини ажратиб олиш ва б.) — бундай ҳолат кейинги босқичда (масалан, апеллясия жараёнида) абитуриент эътирозинининг кўриб чиқилмаслигига сабаб бўлади.

7.Саволлар китобини топширмаслик— бундай ҳолат кейинги ихтиёрий босқичда далолатнома тузиш орқали четлаштиришга, абитуриент эътирозинининг кўриб чиқилмаслигига сабаб бўлади.

8.Жавоблар варағини топширмаслик— бундай ҳолатда аудиториялар тақсимотига мувофиқ тест синови якуни бўйича қайтариб келтирилган жавоблар варақалари бўйича тест синови натижалари ҳисобланиши белгиланганлиги боис, қайтарилмаган жавоблар варақалари бўйича натижа ҳисобланмайди ва бу абитуриент эътирозинининг кўриб чиқилмаслигига сабаб бўлади.

9.Титул варақаси ва Абитуриент рухсатномасининг тегишли жойига жавоблар варағи рақамини кўчирмаслик ёки хато кўчиришлик – бундай ҳолат кейинги босқичда (масалан, апеллясия жараёнида) абитуриент эътирозинининг кўриб чиқилмаслигига сабаб бўлади.

10.Тест материаллари (саволлар китоби ва жавоблар варақаси)ни белгиланган вақтда топширмаслик, аудитория назоратчиларининг тест материалларини топшириш ҳақидаги талабига бўйсунмаслик – бундай ҳолат абитуриентнинг тест синови жараёнидан четлаштирилишига сабаб бўлади.

11.Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалкулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса – бундай ҳолат абитуриентнинг тест синови ўтказиладиган бинога киритилмаслигига ёки тест синови жараёнидан четлаштирилишига сабаб бўлади.

12.Тест материаллари (саволар китоби, жавоблар варағи)ни аудиториядан ташқарига чиқарса — бундай ҳолат абитуриентнинг тест синови жараёнидан четлаштирилишига сабаб бўлади.

13.Тест синови топшириш жараёнида бошқаларга ёрдам берса, ёрдам олса — бундай ҳолат абитуриентнинг тест синови жараёнидан четлаштирилишига сабаб бўлади.

14.Саволлар китобида саволлар 1 дан 108 гача бўлган кетма-кетликда рақамланган, лекин фанлар номлари сақлаб қолинган. Масалан, учта фан блоки мавжуд бўлган саволлар китобида биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан саволлари 37 дан 72 гача, учинчи фан саволлари 73 дан 108 гача сонлар шаклида рақамланди.

Жавоблар варағида жавоблар белгиланадиган доирачалар 1 дан 108 гача бўлган кетма-кет сонлар билан рақамланди.

Бунда абитуриент саволлар китобида келтирилган фанлар кетма-кетлиги ва рақамлар кетма-кетлигида ишлаши талаб этилади. Масалан, 1-савол жавоби жавоблар варағида 1-рақамли доирачага, 10-савол жавоби 10-жавоблар доирачасига, 100-савол жавоби 100-жавоблар доирачасига, 108-савол жавоби 108-жавоблар доирачасига бўялиши шарт — бундай тартибга риоя қилинмаган ҳолатларда абитуриент томонидан тўпланган умумий баллар миқдори паст бўлиши мумкин. Унутманг, жавоблар варағига жавобларни белгилашда қайси фан асосий ҳисобланишидан қати назар, саволлар китобида келтирилган фанлар номининг, савол ва жавоблар рақамларининг кетма-кетлигига эътибор бериш шарт.

15.Абитуриентларнинг аудиториялар бўйича рўйхати (7.2-шакл)даги тегишли устунга жавоблар варағи рақамини ёзмаслик ва тест материалларини қабул қилиб олганлиги ёки топширганлигини қайд этиш устунига имзо қўймаслик — бундай ҳолат кейинги босқичда (масалан, апеллясия жараёнида) абитуриент эътирозинининг кўриб чиқилмаслигига сабаб бўлади.

16.Апеллясия шикоятларини кўриб чиқиш – апеллясия комиссияси таркиби Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади, апеллясия шикояти бериш муддати натижа эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун қилиб белгиланган, апеллясия шикоятини кўриб чиқишда абитуриентнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилари иштирок этмайди, апеллясия шикояти абитуриентнинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади, саволлар китоби, жавоблар варақаси белгиланган тартибда тўлдирилмаган, тест синовидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апеллясия шикояти кўриб чиқилмайди, апеллясия шикояти кўрилаётган аудиторияга тақиқланган воситаларни олиб кирган, жараёнга халақит берган, ёрдам олган ва ёрдам берган, саволлар китобини йиртган абитуриент четлаштирилади ва эътирози кўриб чиқилмайди.

Манба: dtm.uz