Менинг “Тож-Маҳал”им

0
84

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ойгул Муҳаммад Жиян қизининг “Менинг “Тож-Маҳал”им” номли  бадиий-публицистик асари нашрдан чиқди.


Ушбу китоб муаллифнинг ўн олти йиллик шахсий кузатувлари ва изланишлари маҳсулидир. Унда ўзбек халқ оғзаки ижодининг энг сара намуналаридан бири ─ “Тоҳир ва Зуҳра” достони қаҳрамонлари аслида ҳақиқий тарихий шахслар экани ва улар хоки доимий қўним топган манзил Самарқанд ҳудудида жойлашгани фактлар, илмий фаразлар, замон ва макон хусусиятлари асосида таҳлил этилади. Муаллиф ўз қарашларини 2014-йил 24-май санасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археология институти томонидан ўтказилган илмий тадқиқот натижалари билан исботлашга ҳаракат қилади. Асарда маҳаллий аҳолидан ёзиб олинган, ушбу тарихий ҳудуд билан боғлиқ ҳаётий воқеа-ҳодисалар, афсона ва ривоятлар ҳам келтирилади.

Китоб мутолааси чоғида ўқувчида табиий савол туғилади: Тоҳир, Зуҳра, Қоработир каби персонажлар ҳақиқатдан ҳам тарихий шахсларми? Яқин келажакда янада мукаммал илмий тадқиқотлар ўтказилиб, бу жумбоққа ойдинлик киритилади деган умиддамиз.

Шунингдек, муаллиф “Тоҳир ва Зуҳра” достони воқеалари бўлиб ўтган дея тахмин қилинаётган ҳудудда “Муҳаббат қасри” номли жаҳон адабиёти ишқ достонларининг фольклор тарғибот мажмуасини бунёд этиш ташаббусини илгари суради.

─ Ушбу мажмуа минг йиллар мобайнида халқ достонларида куйланган оилани муқаддас билиш, пок муҳаббат, севгига садоқат ғояларига кўрсатилган юксак эҳтиром рамзи бўлиши керак, ─ дейди китоб муаллифи.  ─ Бу ерга келган ўғил-қизларимиз миллий қадриятларимизни теран англашлари, инсон ҳаётида оиланинг беқиёс аҳамияти борлигини, бу борада асло енгилтакликка йўл қўйиб бўлмаслигини тушунишлари керак. Бунёд этилажак  “Муҳаббат қасри” Ҳиндистон жавоҳири “Тож-Маҳал” сингари ёшларнинг, сайёҳларнинг ва санъатни қадрловчиларнинг севимли масканига айланади деган ниятдамиз.

Ўйлаймизки, “Менинг “Тож-Маҳал”им” китоби мутахассисларни ва жамоатчиликни беэътибор қолдирмайди.

Азизбек Рамазонов