Халқ таълими вазири янги ўқув йилидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида айтиб берди

0
100

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов янги ўқув йили, фуқаролар талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, янги ўзгаришлар билан бошланаётганини Uzbekiston24 телеканалига сўзлаб берди.


Вазир, хусусан,  математика, кимё, физика, биология фанлари янги дастур ва методлар асосида ўтилишини, шунингдек, инглиз тили Европа таълим стандарти асосида олиб бориилишини ҳамда «Меҳнат таълими» фани янги ўқув йилидан бошлаб «Технологиялар» деб аталиб янги,  такомиллаштирилган дастур асосида олиб борилиши ҳақида сўзлаб берди.

Ундан ташқари, ушбу йилдан бошлаб биринчи синфларда болалар сони 35 нафардан кўп бўлмаслиги ҳам белгиланган.

Янги ўқув йилининг асосий янгиликларидан бири эса, бу — умумтаълим мактабларида 350 мингдан ортиқ ўқувчилар 10 синфда ўқишни давом эттириши бўлади. Шу сабабли бугунги кунда нашриётларда 10 синфлар учун 12 фан бўйича янги режа асосида тузилган дарсликлар нашрга тайёрланмоқда.

Вазир айтишига қараганда, ушбу дарсликларни тайёрлашда, жаҳон тажрибаси изчил ўрганиб чиқилган. Айниқса Россия, Қозоғистон ва Буюк Британия ўқув режалари, фан дастурлари чуқур ўрганиб чиқилиб, таҳлил қилинган.

«Биринчи навбатда ўзимизда амалдаги давлат таълим сифатлари, бундан аввал ўқитилган 10-11 синфлар ҳамда ҳозирги кунда ўқитилаётган лицей ва коллежлардаги умумтаълим фанларини дастурлари, 11 йиллик таълим жорий этилган давлатлар — Россия, Қозоғистон ҳамда Буюк Британиянинг ўқув режалари, фан дастурлари таҳлил қилиниб, янги дастурлар тайёрланди», — деди таълим вазири.

Бу йил 650 минг нафар ўғил-қиз биринчи синфда ўқишни бошлайди. Уларни ҳар бирига 12 турдаги ўқув қуроллари ва ўқувчилик портфели тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, 1-синфга келаётган ўқувчилар ҳар йили янгидан нашр этиладиган 12 номдаги дарсликлар билан ҳам таъминланади.

Ундан ташқари, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан 10 августдан 10 сентябрга қадар Ўзбекистоннинг 1300 дан ортиқ ҳудудларида мактаб ярмаркалари ташкил этилади. Унда 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотувга чиқарилади.

Манба: Sof.uz