UMS Мобил оператори Ўзбекисон аҳолиси учун долзарб хизматларни жорий этмоқда. Бу сафар компания ҳайдовчи-абонентларнинг истагини инобатга олди. Янги сервис автоҳаваскорларга уларнинг йўл ҳаракати билан боғлиқ жорий қоидабузарликлари бор йўқлигини билиш имконини беради.
Тошкент шаҳар чорраҳаларида йўл қоидалари бузилиши жараёнларини фото ва видеотасвирга олиш замонавий тизимлари ишга туширилганига ҳам икки ой бўлди. Амалиётдан кўринишича, ушбу тизимлар ёрдамида йўлда ҳаракатланиш хавфсизлиги даражаси ва ҳайдовчиларнинг масъулияти ошди, автотранспорт воситалари сонининг кескин кўпайиши шароитида ҳаракатланиш назорати кучайтирилди.
Шу муносабат билан, барча ҳайдовчилар олдида долзарб савол пайдо бўлади: “Йўл ҳаракати қоидасини бузмадиммикан?”. Бундай саволга қисқа вақт ичида жавоб олиш мураккаб иш эмас. Бунда янги сервис ёрдам беради. UMS мобил операторлари биринчилардан бўлиб ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ ва ОАВ жамоатчилик билан алоқалар бўлинмаси инспектори Алишер Абдуқодиров:
– Ўзбекистон Республикаси ИИВ йўл ҳаракати бош бошқармаси Technologik ACBT компанияси билан ҳамкорликда фото ва видеофиксация камералари қайд этган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилганлиги учун жарималарни текшириш бўйича сайтни ишга туширди. Сайт айни пайтда тест режимида ишламоқда. Унда рўйхатдан ўтиш учун мобил телефон рақамини кўрсатиш ва паролни ўрнатиш керак бўлади. Кейин эса шахсий кабинетда автомобилнинг давлат рақами ва техник паспорт рақамини кўрсатиш лозим. Айни пайтда сервис фақатгина UMS компанияси абонентлари учун очиқ бўлиб, яқин орада эса бошқа уяли алоқа компанялари билан ҳам бу борада ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.
UMS компаниясининг реклама ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи Элмир Габдеев:
– СМС-огоҳлантириш хизмати энг қулай вариант ҳисобланади. Компания абонентлари ўз рақамидан 8860 рақамига СМС юбориши мумкин ва хабар матнида автомобилнинг давлат рақами ва бўш белги ташлаб ўтиб техник паспортнинг серияси ва рақамини кўрсатиш талаб этилади. Сўровга бир нечта СМС-огоҳлантиришлар келиши мумкин. Бу тўланмаган қоидабузарликларга боғлиқ. Агар қоидабузарлик ҳолатлари бўлмаса, абонентга “Сизда қоидабузарликлар йўқ” мазмунидаги хабар келади.
UMS мобил операторининг берган маълумотларига кўра, компания абонентлари янги сервисни ҳақли равишда юқори баҳолашди. Унинг ишга туширилишидан кейин икки кун давомида минглаб автоҳаваскорлар йўл ҳаракати қоидалари бузилиши учун жарималарни текшириш имкониятидан фойдаланишди. Яқин истиқболда фото ва видеофиксация тизимлари Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида ҳам ишга туширилишини инобатга олсак,UMS компанияси ўз абонентлари учун янги қулайликларни яратишда муҳим қадамни қўйди, дейишимиз мумкин.
UMS нинг янги хизмат турини жуда керакли ва долзарб деб ҳисоблайман. Энди биз жарима бўйича қарорларни қўлимизга келиб тушгунича бир неча кунлаб кутишимизга тўғри келмайди. Истаган пайтда СМС жўнатиб ёки сайтга кирган ҳолда қоидабузарликка йўл қўйган ёки қўймаганлигимизни билишимиз мумкин. Бу жуда қулайдир, – деди UMS мобил оператори абоненти Дониёр Иброҳимов.
Манба: Uzreport.uz